Ўзбекистон ва Қирғизистон ўзаро савдо ҳажмини $500 млнга етказишга ҳаракат қиладилар

Дата: 11:19, 14-12-2017.

Тошкент. 14 декабр. ЎзТАГ – Яқин йилларда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўзаро савдо ҳажмини $500 млнга етказишга ҳаракат қиладилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу режалар 13 декабр куни, Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари Шавкат Мирзиёев ва Сооронбой Жээнбековларнинг икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибдаги музокараларида очиқланди.

“Кейинги пайтда мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш кўрсаткичи суръат билан юксалмоқда. Жорий йилнинг январь-ноябрь ойларида ўзаро савдо ҳажми 56 фоиздан зиёдга ўсиб, 235 миллион доллардан ошди. Аммо, музокарада таъкидланганидек, бу кўрсаткич икки мамлакатнинг мавжуд имкониятларини тўлиқ акс эттирмайди. Икки томонлама товар айирбошлаш номенклатурасини диверсификация қилиш ва яқин йилларда унинг ҳажмини 500 миллион долларга етказиш борасида улкан салоҳият мавжудлиги қайд этилди”, - дейилади давлат раҳбари матбуот хзизматининг хабарида.

 Шу билан бирга, ташқи савдо инфратузилмаси ва экспорт-импорт операцияларини қўллаб-қувватлаш механизмларини фаол ривожлантириш, биргаликда савдо уйлари очиш, бизнес-форумлар ва саноат маҳсулотларининг миллий кўргазмаларини ўтказиш зарурлиги таъкидланди.

Қирғизистон Президентининг расмий ташрифи доирасида ташкил этилган саноат маҳсулотлари кўргазмаси ва ишбилармонларнинг музокараларида икки мамлакатдан кўплаб етакчи бизнес вакиллари иштирок этгани, унинг якунида $140 млнлик шартномалар имзолангани савдо-иқтисодий муносабатлар жадал ривожланиш палласига кирганини намоён қилади.

Иқтисодий ҳамкорлик ҳақида сўз борар экан, Қирғизистон Республикаси ҳудудида Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги техникаси, енгил автомобиллари, автобуслари, махсус прицеплари ва маиший буюмларини биргаликда йиғишни ташкил қилиш лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда қурилиш материаллари ва тўқимачилик саноатида қўшма корхоналар тузиш зарурлиги қайд этилди.

Томонлар бу лойиҳалар билан чекланмасдан, саноат кооперацияси соҳасида истиқболли йўналишларни биргаликда топишга келишиб олдилар.

“Қирғизистон томони Ўзбекистоннинг икки мамлакат Бош вазирлари раҳбарлигида Ҳокимлар ва чегарадош вилоятлар маъмуриятлари раҳбарлари кенгашининг биринчи мажлисини ўтказиш тўғрисидаги таклифини қўллаб-қувватлади”, - дейилади хабарда.

Президентлар қисқа муддатда жаҳон бозорларига чиқиш имконини берадиган транспорт ва транзит йўлакларни ривожлантириш соҳасида икки томонлама ҳамкорлик стратегик аҳамиятга эгалигини қайд этдилар.

Шунингдек, давлат раҳбарлари “Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой” темир йўлининг қурилиши имкон қадар тезлаштириш минтақа мамлакатларининг туб манфаатларига хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар. Бу Марказий Осиёни жозибадорлигини ошириш ва унинг транзит салоҳиятини юзага чиқариш имконини беради.

2017 йил 30 октябрь-3 ноябрь кунлари «Андижон-Ўш-Иркиштом-Қошғар» йўналиши бўйича ўтказилган тажрибавий автопойгага юксак баҳо берилди. У минтақадаги транспорт йўналишларини диверсификация қилишда яна бир муҳим омил бўлди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Бу масалаларни конструктив тарзда ечиш учун Қўшма икки томонлама сув хўжалиги комиссиясини тузиш ва яқин вақт ичида унинг мажлисини ўтказишга келишиб олинди.

“Жорий йилда Қирғизистон театр ижодкорлари Фарғона водийсида, ўзбекистонлик санъаткорлар Ўш, Ўзган, Аравон, Новқат, Қорасув, Жалолобод шаҳарларида ижодий сафарда бўлди. Қирғизистонда Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилди. Давлат раҳбарларининг келишувига биноан келаси йил Ўзбекистонда халқларимиз интиқиб кутган Қирғизистон маданият кунлари бўлиб ўтади. Шу билан бирга, 2018 йилда икки халқ Қирғизистоннинг атоқли адиби Чингиз Айтматов юбилейини кенг нишонлайди”, - деб таъкидланади хабарда.

Сурат манбаи: https://www.trend.az/casia/2834998.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: