Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти биринчи ярим йилликнинг охиригача 5,4% га ўсади

Дата: 10:36, 26-06-2019.

Тошкент. 26 июнь. ЎзТАГ – Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ҳажми биринчи ярим йилликнинг охиригача 5,4% га ўсади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 25 июнь куни мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, бу борада кутилаётган натижалар ва ўзгаришлар таҳлилига бағишланган йиғилиш ўтказди.

"I ярим йил якунлари бўйича ялпи ички маҳсулот ҳажми 5,4% га, саноат ишлаб чиқариши 7% га, қурилиш-пудрат ишлари ҳажми 9,6% га, хизмат кўрсатиш ҳажми 13,9% га ўсиши кутилмоқда. Бундай натижаларга эришишда, биринчи навбатда, ўзлаштирилган инвестициялар ҳажмининг қарийб бир ярим баробар ўсиши муҳим омил бўлаётгани алоҳида таъкидланди", - дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Шу билан бирга, барча тармоқ ва ҳудудларда ҳали тўлиқ ишга солинмаган захира ва имкониятлар мавжудлиги қайд этилди. Замонавий корхоналар ва янги иш ўринлари яратиш, маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспортни кўпайтириш юзасидан тегишли раҳбарлар олдига аниқ вазифалар қўйилди. Маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини кенгайтириш, ижтимоий ва коммунал соҳаларни ривожлантиришга қўшимча тушумлар, қишлоқ ва маҳаллаларни ободонлаштириш, аҳоли ҳаётини яхшилаш бўйича топшириқлар берилди.

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг ҳудудларга ташрифи доирасида ишлаб чиқилган дастурлар ва аниқ инвестиция лойиҳалари ижросини жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўриш, шунингдек, янги лойиҳаларни шакллантириш вазифаси топширилди.

"Йиғилишда "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла"дастурлари доирасида шаҳар ва туманларнинг меъморий қиёфасини яхшилаш, аҳоли пунктларини ободонлаштириш, уй-жой қуриш ва таъмирлаш, сув таъминоти, канализация, электр таъминоти, маҳаллий ва ички йўллар тармоқлари бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳолати ҳам таҳлил қилинди. Зарур молиявий ва бошқа ресурсларни ўз вақтида ажратиш ва ўзлаштириш, режалаштирилган ишларни сифатли бажариш зарурлиги қайд этилди", - дейилади хабарда.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари ва ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди. Ҳар бир тармоқ ва минтақани ривожлантиришнинг прогноз кўрсаткичлари ва аниқ вазифаларига эришиш учун тегишли раҳбарларнинг шахсий масъулиятини ошириш чора-тадбирлари белгиланди.

Сурат манбаи: president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: