Ўзбекистонда 1,1 млн уй-жой объектлари 15 йилдан ортиқ вақт давомида расмийлаштирилмасдан қолган

Дата: 14:27, 14-12-2017.

Тошкент. 14 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда 1,1 млн уй-жой объектлари 15 йилдан ортиқ вақт давомида расмийлаштирилмасдан қолган, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу маълумотлар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 13 декабр куни ер ресурслари, геодезия ва кадастр соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш масалаларига бағишланган йиғилишда келтириб ўтилди.

“Йиғилишда давлат кадастр хизмати томонидан 2016-2017 йилларда кўчмас мулк объектларини ялпи хатловдан ўтказиб, аниқланган ҳужжатсиз мол-мулкни рўйхатга қўйиш ишлари ҳам тўлиқ якунланмагани алоҳида қайд этилди. Хусусан, хатловда 1 миллион 100 мингта уй-жойнинг ҳужжати 15 йилдан ортиқ вақт мобайнида расмийлаштирилмагани, 145 мингта кўчмас мулк объектидан 15 йилдан кам муддат мобайнида ҳеч қандай ҳужжатсиз фойдаланиб келингани, шунингдек, ноқонуний эгалланган 8,5 минг гектар ерда ва муҳофаза зоналарида 67 мингта объект қурилгани аниқланган”, - дейилади давлат раҳбари матбуот хизматининг хабарида.

Бироқ кадастр хизмати органлари, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари ( маъмурият раҳбарлари – ЎзТАГ) томонидан ушбу объектларнинг кадастр ҳужжатини тайёрлаш, улар бўйича мулк ҳуқуқини расмийлаштириш, ўзбошимчалик билан эгалланган ерларда қурилган объектларни бузиш ёки уларга эгалик ҳуқуқини бериш ишлари тўлиқ якунламагани қатъий кўрсатиб ўтилди. “Жумладан, 15 йилдан ортиқ вақт фойдаланиб келинган 1,1 миллионта уй-жойдан 751 мингтаси бўйича кадастр ҳужжатлари тайёрлангани, ушбу ишлар назоратдан четда қолгани таъкидлаб ўтилди”, - дейилади хабарда.

 

Сурат манбаи: https://www.gazeta.uz/ru/2015/08/21/hotwater/

Янгилик билан ўртоқлашиш: