Ўзбекистонда 11 йиллик таълимнинг келажаги 20 кундан сўнг маълум бўлади

Дата: 14:27, 04-07-2017.

Тошкент. 4 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистон ҳукумати яқин уч ҳафта орасида 11 йиллик мактаб таълимига қайтиш тартиби бўйича бир қарорга келади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Яқин 20 кун ичида ҳукуматнинг махсус қарори қабул қилинади. Бошида 11 йиллик таълимга тажриба-синов мактаблари ўтади. Биз олинган натижаларни пухта таҳлил қилиб, кейин қарор қабул қиламиз. Аммо ўқувчиларда 11 йиллик мактабга бориш ёки коллежда ўқишдан бирини танлаш имкони бўлади. Шу билан бирга, айрим мактабларни коллеж ва лицейлар билан бирлаштириш режалари ҳам мавжуд”, - деб таъкидлади халқ талими вазирининг биринчи ўринбосари Собитхон Турғунов Халқаро пресс-клуб йиғилишида қилган чиқишида.

Эслатиб ўтамизки, мактабларни 11 йиллик таълимга қайтариш ҳақидаги фикрни Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг Учтепа туманидаги 78-мактабга ташрифи чоғида ўртага ташлаб, тажриба тариқасида бу ерда 11 йиллик таълимни тиклашни таклиф қилган эди. Шундан кейин халқ таълими вазирлиги бутун мамлакатда ота-оналар орасида сўров ўтказди. Улардан кўпчилиги давлат раҳбарининг ташаббусини ижобий баҳоладилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: