Ўзбекистонда 2025 йилга қадар кимё саноатида $4,2 млрдлик 17 лойиҳалар амалга оширилади

Дата: 09:10, 17-10-2018.

Тошкент. 17 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда 2025 йилга қадар кимё саноатида диверсификация қилиш мақсадида $4,2 млрдлик 17 лойиҳалар амалга оширилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу маълумотлар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида 16 октябр куни кимё саноатини жадал ривожлантириш, тармоққа хорижий инвестиция ва замонавий технологияларни жалб қилиш масалалари бўйича йиғилишда очиқланди.

“Ўтган йилдан бошлаб, минерал ўғитга талабни қондириш учун $3,1 млрдлик 17та инвестиция лойиҳаси амалга оширила бошланди. Бундан ташқари, кимё саноати маҳсулотларини диверсификация қилиш мақсадида 2025 йилгача $4,2 млрдлик яна 17та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилади”, - дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг хабарида.

Президент Ўзбекистон заминида Менделеев жадвалидаги барча кимёвий элементлар мавжудлигини таъкидлади. Аммо, мамлакатимиз углеводородларга бой бўлса-да, кимё саноатимиз асосан қишлоқ хўжалиги учун минерал ўғит ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

Қурилиш материаллари, фармацевтика, текстиль, машинасозлик каби тармоқлар учун зарур бўлган мураккаб полимерлар, катализаторлар, реагентлар ва синтетик толалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилмаган.

Бунинг оқибатида ҳар йили $1,5 млрдлик кимё маҳсулотлари импорт қилинмоқда. Ишлаб чиқарилаётган фосфор ва калийли минерал ўғитлар ҳам мавжуд талабнинг фақат учдан бирини қоплайди, холос.

“Мураккаб минерал ўғитлар ишлаб чиқариш қувватлари 60-70%га эскиргани энергия ресурсларининг ортиқча сарфланиши, кимё маҳсулотлари таннархининг асоссиз ошишига олиб келмоқда”, - дейилади хабарда.

Йиғилишда тармоқдаги камчиликларни бартараф этиш ва кимё саноатини янада ривожлантириш юзасидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Шундан сўнг қайд этилишича, бугунги кунда мамлакатимизда азотли ўғитларга талаб 73%, фосфорли ўғитларга - 20% таъминланмоқда. Азотли ўғит ишлаб чиқариш қувватларининг ўртача эскириш даражаси 64 %ни, фосфорли ўғит бўйича - 77%ни ташкил қилади.

Бундан ташқари, соҳадаги вазиятни яхшилаш мақсадида келаси 5 йилда умумий қиймати $2,8 млрд бўлган 9та лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган бўлиб, бунинг натижасида минерал ўғит ва сульфат кислотаси ишлаб чиқариш ҳажми 2 баробар кўпаяди. Азотли ва калийли ўғитларга талаб тўла қопланади, фосфорли ўғитларга талабни қондириш даражаси бир неча баробар оширилади.

Айни пайтда табиий газнинг бор-йўғи 14%, жумладан, кимё тармоғида 5% чуқур қайта ишланмоқда.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган ноўғит маҳсулотлар, асосан полиэтилен, полипропилен, полистиролга хорижий давлатларда $100 млрддан ортиқ ҳажмда эҳтиёж мавжуд.

Шу сабабли, кимё саноатида маҳсулот турларини диверсификация қилиш учун органик моддалар ишлаб чиқариш бўйича 15та ва ноорганик моддалар бўйича 8та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

Ш. Мирзиёев мутасадди раҳбарларга ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун хорижий инвесторларни жалб қилиш бўйича топшириқлар берди.

“Шу билан бирга, соҳага инновациялар умуман жорий қилинмагани, илм-фан салоҳиятидан самарали фойдаланилмаётгани танқид қилинди. Шунинг учун Корея кимё-технологиялари илмий-тадқиқот институти (KRICT) билан ҳамкорликда Тошкент кимё технология илмий-тадқиқот институти негизида илмий-тадқиқот, лойиҳалаш ва муҳандислик, кадрлар тайёрлашга ихтисослашган марказ барпо этишни тезлаштириш зарурлиги таъкидланди”, - деб таъкидланади хабарда.

Йиғилиш якунида мутасаддиларга белгиланган барча вазифалар бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқиб, унинг ижросини мунтазам муҳокама қилиб бориш топширилди.

Сурат манбаи: http://www.press-service.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: