Ўзбекистонда 50, 100, 200 ва 500 сўмлик танга ва банкноталар муомаладан чиқарилади

Дата: 14:57, 22-05-2018.

Тошкент. 22 май. ЎзТАГ – Эски намунадаги 50 ва 100 сўмлик тангаларини, шунингдек 50, 100, 200 ва 500 сўмлик банкнотларини айирбошлаш ҳамда муомаладан қайтариб олиш тартиби тўғрисидаги низом Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Низомга асосан, муомаладаги 50 ва 100 сўмлик тангалар, шунингдек 50, 100, 200 ва 500 сўмлик банкнотлар муомаладан қайтариб олинади. Уларнинг ўрнига эса, 2018 йил намунасидаги 50 сўмлик, 100 сўмлик, 200 сўмлик ва 500 сўмлик тангалар муомалага чиқарилади”, - дейилади Ўзбекистон Адлия вазирлигининг Telegram-каналида.

Шу билан бирга, 2011 йил намунасидаги қиймати 500 сўм бўлган тангалар муомалага лаёқатли қолади.

Барча тижорат банклари ва уларнинг филиаллари мижозлар, шу жумладан аҳоли томонидан топширилган эски намунадаги тангаларни ҳамда эски намунадаги банкнотларни ҳеч қандай монеликсиз, чекловларсиз қабул қилишлари топширилди.

Таъкидланишича, муомаладан қайтариб олинадиган эски намунадаги 50 ва100 сўмлик тангалар ҳамда 50 ва 100 сўмлик эски намунадаги банкнотлар учун 2019 йил 1 июлгача, 200 ва 500 сўмлик эски намунадаги банкнотлар учун 2020 йил 1 июлгача бўлган муддатлар белгиланди.

Сурат манбаи: http://www.e-allmoney.ru/banknotes/asia/uzb.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: