Ўзбекистонда амалдорларни нафақат мукофотлаш, балки уларга жарима солиш режалаштирилмоқда

Дата: 15:03, 14-12-2017.

Тошкент. 14 декабр. ЎзТАГ – 2018 йил 1 январдан Ўзбекистонда молия органлари ва давлат солиқ хизмати органлари раҳбарларини нафақат мукофотлаш, балки уларга жарима солиш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу чоралар Ўзбекистон президентининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг молиявий эркинлигини ошириш, маҳаллий бюджетларга тушумларнинг тўлиқлигини таъминлаш бўйича солиқ ва молия органлари жавобгарлигини кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан кўзда тутилган. 

Ҳужжатга мувофиқ, солиқ ва молия органлари раҳбарларини уларнинг лавозим маошларидан 50 фоизгача бўлган миқдорда, шу жумладан: маҳаллий бюджет даромадларининг тасдиқланган прогнозининг ижро этилгани учун 10 фоиз миқдорда;
бюджетга тўловлар бўйича солиқ қарздорлиги қисқартирилгани учун 20 фоиз миқдорда;
маҳаллий бюджет даромадларини ошириш резервларини аниқлаш бўйича ҳисоб-китоб кўрсаткичлари бажарилгани учун 20 фоиз миқдорда мукофотлаш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, фармон билан юқорида кўрсатилган мезонларнинг ижроси таъминланмагани учун уларнинг лавозим маошларидан 30 фоиз миқдорида, шу жумладан:
маҳаллий бюджет прогнози бажарилмаганлиги учун 10 фоиз миқдорда; маҳаллий бюджетга тўловлар бўйича солиқ қарздорлиги оширилгани учун 10 фоиз миқдорда;
маҳаллий бюджет даромадларини ошириш резервларини аниқлаш бўйича ҳисоб-китоб кўрсаткичлари бажарилмаганлиги учун 10 фоиз миқдорда жарима санкцияларини қўллаш назарда тутилмоқда.

Сурат манбаи: http://www.unn.com.ua/uk/news/1686091-kompanii-rodynnoho-biznesu-rybalky-nezakonno-sformuvaly-podatkovyi-kredyt-na-ponad-20-mln-hrn

Янгилик билан ўртоқлашиш: