Ўзбекистонда қатор товарларга экологик йиғим жорий этиш таклиф қилинди

Дата: 17:01, 14-09-2018.

Тошкент. 14 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда истеъмол хусусиятлари йўқолганидан кейин атроф-муҳитга зарар етказадиган ишлаб чиқарилаётган ва импорт қилинаётган товарлар гуруҳи учун экологик йиғимлар жорий этиш таклиф қилинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ўзбекистон президентининг “Табиатни муҳофаза қилишни таъминлашнинг иқтисодий механизмларини такомиллаштириш бўйича чоралар тўғрисида”ги қонун лойиҳасини эълон қилди.

Ҳужжат экологик вазиятни яхшилаш, чиқиндиларнинг одамларнинг соғлиғига зарарли таъсири олдини олиш, маиший чиқиндиларни йиғиш, сақлаш, ташиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш ва кўмишни рағбатлантиришга йўналтирилган.

Ҳужжатга мувофиқ, экологик йиғим 2019 йил 1 январдан жорий этилиши мумкин. Товар туридан келиб чиқиб, экологик йиғим бир тонна учун ЭКИҲМнинг 1,4 дан 12,6 баробаригачани ташкил этади.

Жумладан, қарор лойиҳаси 8 товарлар гуруҳига йиғим жорий этишни таклиф қилмоқда. Масалан, мойлаш маҳсулотлари (ЭКИҲМнинг 2,5 баробари), шина ва покришкалар (ЭКИҲМнинг 1,75 баробари), резина камералари (ЭКИҲМнинг 1,75 баробари), бутилка ва банкалар (ЭКИҲМнинг 1,45 баробари), бирламчи элементлар ва батареялар (ЭКИҲМнинг 4 баробари), лампалар (ЭКИҲМнинг 12,6 баробари), товарларни ташиш ва қадоқлаш учун пластмасса буюмлар (ЭКИҲМнинг 3,5 баробари) ва бошқалар.

Йиғимдан тушган маблағлар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндиларни бошқариш бўйича жамғармага ўтказилади. Маблағлар бу ердан Давлат экология қўмитасига чиқиндилар билан боғлиқ тадбирларни молиялаштириш, шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолият билан боғлиқ бошқа ишларга йўналтирилади.

1 ЭКИҲМ=184300 сўм

 

Сурат манбаи: из https://eadaily.com

Янгилик билан ўртоқлашиш: