Ўзбекистонда бир оилага умрбод мерос қилиб қолдириладиган ер участкалари миқдори қонунан мустаҳкамланди

Дата: 14:44, 27-07-2018.

Тошкент. 27 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистонда бир оилага умрбод мерос қилиб қолдириладиган ер участкалари миқдори қонунан мустаҳкамланди, деб хабер беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзбекистон Республикаси фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳар бир оилага 0,06 гектаргача ер участкалари берилади”, - дейилади ​“Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунида.

Шу билан бирга, ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатига олиш тўғрисидаги гувоҳнома ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатдир.

“Ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатига олиш тўғрисидаги гувоҳнома маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юридик ва жисмоний шахсларга ер участкаси бериш (ажратиш) тўғрисидаги қарорига ёки ижара, олди-сотди шартномасига ҳамда ер участкасини ўзга шахсга ўтказишнинг бошқа турларига, ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқини берувчи давлат ордерига, мулкдорларнинг ёки улар ваколат берган шахсларнинг қарорига асосан берилади”, деб қайд этилади ҳужжатда.

Эслатиб ўтамизки, қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2018 йил 26 июнда қабул қилинган, Сенат томонидан 2018 йил 28 июнда маъқулланган ва Ўзбекистон Президенти томонидан 2018 йил 25 июлда имзоланган.

Сурат манбаи: https://ru.sputniknews-uz.com/society/20180330/7849521/uzbekistan-kishlak.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: