Ўзбекистонда бизнесни текширишда адвокатлар иштироки қонунлаштирилди

Дата: 17:11, 04-02-2016.

Тошкент. 4 феврал. ЎзТАГ – Эндиликда Ўзбекистонда қўзғатилган жиноят ишлар бўйича тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишларда адвокатларнинг иштироки мажбурий бўлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу меъёр Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Миллий Хавфсизлик Хизмати, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, 
Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар Вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат Солиқ Қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Давлат Божхона Қўмитасининг қўшма қарори билан жорий этилди. Хужжат Адлия вазирлиги томонидан 28 январ 2757 сон билан рўйхатга олинди.

Муассасадан маълум қилишларича, қорор билан қўзғатилган жиноят ишлари бўйича тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишларда адвокатларнинг мажбурий иштирокини таъминлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Шундан қилиб, эндиликда қўзғатилган жиноят ишлари бўйича текширишлар уларни ўтказишнинг барча босқичларида тадбиркорлик субъектларининг ваколатли вакиллари томонидан жалб этилган адвокатлар албатта иштирок этган ҳолда (тадбиркорлик субъектлари томонидан ушбу ҳуқуқнинг рад этилиши ҳоллари бундан мустасно) амалга оширилади.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширишлар, шу жумладан муқобил текширишлар ўтказилишидан олдин, тадбиркорлик субъектининг ваколатли вакилига текширишни тайинлаш тўғрисидаги қарор тақдим қилинади ва унинг нусхаси унга имзоси қўйилган ҳолда топширилади. Текширишни тайинлаш тўғрисидаги қарор жиноят иши юритуви учун масъул бўлган шахс томонидан имзоланган ва суриштирув ёки тергов органининг гербли муҳри қўйилган бўлиши лозим.

Текшириш бошланишидан олдин, текширувни амалга оширувчи мансабдор шахс томонидан тадбиркорлик субъектининг ваколатли вакилига унинг текширишда иштирок этиш учун адвокатни жалб этиш ёки унинг иштирокини рад этиш ҳуқуқи ёзма шаклда тушунтирилади, бу ҳақда баённома тузилади.

Агар тадбиркорлик субъекти томонидан адвокатни жалб этиш истаги билдирилган бўлса, текширишни бошлаш адвокат етиб келгунга қадар йигирма тўрт соатга тўхтатиб турилади. Адвокат йигирма тўрт соат ўтгандан кейин тадбиркорлик субъектини ҳимоя қилишга киришмаган тақдирда, текшириш унинг иштирокисиз бошланади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: