Ўзбекистонда болалар омбудсмани пайдо бўлиши мумкин

Дата: 16:04, 23-07-2018.

Тошкент. 23 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида хорижий экспертлар иштирокида бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш масалаларига бағишланган “давра суҳбати” ташкил этилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Парламентдан маълум қилишларича, йиғилишда ЮНИСЕФнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича Минтақавий директори Афшан Хан иштирок этди.

Муҳокамада болалар ва ёшлар ҳуқуқлари бўйича Вакил институтини жорий қилиш ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги болалар ва ёшлар ҳуқуқлари бўйича Вакил тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш орқали ёш авлод ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий тизимини мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди.

Ҳозирги дунёда таҳдиди кучайиб бораётган диний экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик, одам савдоси, ноқонуний миграция, ва “оммавий маданият” каби иллатлардан ёш авлоднинг хавфсизлигини таъминлаш тизимини шакллантириш мақсадида болалар ва ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қўшимча тузилмалар тузиш мақсадга мувофиқ эканини таъкидладилар.

Хусусан, Швеция ва бошқа кўп мамлакатлардаги болалар омбудсманларининг вазифаларига болалар ва ёшлар билан мулоқот, уларнинг эҳтиёжларини қондириш, уларга муаммоларини ечишда амалий кўмак бериш, уларннг жисмоний ва руҳий ривожига кўмаклашиш кабилар киради.

Халқаро ва хорижий тажрибага кўра болалар ва ёшлар ҳуқуқлари бўйича ихтисослаштирилган омбудсманлар фаолияти бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция қоидаларини қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига тадбиқ этишга, боланинг шахси, шаъни ҳамда қадр-қиммати, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига жамоатчилик, давлат тузилмалари, шунингдек ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахсларда ҳурмат даражасини оширишга кўмаклашади.

Тадбирда “Таълим тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг янги таҳрири қоидалари муҳокама қилинди, шунингдек, муҳокама қилинган қонун лойиҳалари ва уларнинг халқаро экспертизасида ЮНИСЕФнинг иштирокини янада такомиллаштириш бўйича тавсиялар қабул қилинди.

Сурат манбаи: http://sof.uz/news/show/5997-uzbekistonlik-usmirlarning-yarmi-kitobda

Янгилик билан ўртоқлашиш: