Ўзбекистонда депозит ҳисоб рақамлари очиш тартиблари соддалаштирилди

Дата: 16:17, 18-02-2015.

Тошкент. 18 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистонда депозит ҳисоб рақамлари очиш тартибларига ўзгаришлар киритилиб, улар 16 февралдан бошлаб кучга кирди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Norma.uz ҳуқуқий порталининг хабар қилишича, эндиликда резидент бўлган ва резидент бўлмаган юридик шахслар, уларнинг филиаллари ва ваколатхоналар миллий валютада талаб қилиб олинадиган депозит ҳисоб рақамларини очишда банкка нотариал тасдиқланмаган имзо ва муҳр акси намуналари карточкаларини тақдим қиладилар.

Юридик шахс муҳри ҳамда имзолар ўзгарадиган бўлса, янги карточкалар ҳам нотариал тасдиқланмасдан кўрсатилади. Олдин бу имтиёздан фақат тадбиркорлик субъектлари фойдаланар эди.

Банк ҳисоб рақамлари бўйича операциялар фақат ҳаражатлар қисмида тўхтатиб қўйилиши мумкинлиги ҳам аниқлаштирилди.

Шунингдек, нотижорат ва нодавлат ташкилотлари учун ҳам ўзгартишлар киритилди. Эндиликда банклар улар томонидан 6 ой давомида банк ҳисоб рақамлари бўйича пул операциялари ўтказилмаганлиги ҳақида хабар қилишлар зарур эмас. Бошқа юридик шахсларга доир ана шундай маълумотлар уч кунлик муддатда хабар қилинади. Олдин фақат фермер хўжаликлари бундан истисно қилинган эди.

Ўзбекистон банкларида очилаётган банк ҳисоб рақамлари тўғрисидаги йўриқномага Марказий банк бошқармаси қарори билан тегишли тузатишлар киритилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: