Ўзбекистонда фармацевтика фаолиятини лицензиялаш махсус агентлик томонидан амалга оширилади

Дата: 13:47, 20-08-2019.

Тошкент. 20 август. ЎзТАГ – Ўзбекистонда фармацевтика фаолиятини лицензиялаш махсус агентлик томонидан амалга оширилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди (№678, 17.08.2019 й.). Киритилган ўзгартишларга кўра, энди Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги фармацевтика фаолиятини лицензиялаш органи ҳисобланади", - дейилади Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилганидек, буни аввал Соғлиқни сақлаш вазирлиги амалга оширган.

Шунингдек, агентлик дори воситалари ва тиббиёт буюмларини ишлаб чиқарувчилар ва улгуржи сотувчиларни назорат қилади.

Бундан ташқари, энди дори воситалари ишлаб чиқариш лицензиясида дори воситасининг тури ҳам кўрсатилади, шунингдек, лицензия талабгори фармацевтика маҳсулотларини назорат қилиш ва ҳисобга олиш ахборот тизимига уланиб, лицензияловчи органга ҳар ойнинг бешинчи кунидан кечиктирмай ўтган ойдаги маълумотларни тақдим этиши керак.

 

Сурат манбаи: vesbiz.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: