Ўзбекистонда Фонд бозорини ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилди

Дата: 22:29, 15-03-2017.

Тошкент. 15 март. ЎзТАГ – Ўзбекистон Давлат рақобат қўмитаси Тадқиқотлар маркази, Қимматли қоғозлар депозитарийси ва “Тошкент” Республика фонд биржаси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасида 2017-2018 йилларда иккиламчи фонд бозорини ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Қўмита маълумотларига кўра, Концепциянинг асосий мақсади – Ўзбекистонда эмиссия қилинадиган корпоратив қимматли қоғозларнинг, шунингдек акциялар ва облигацияларнинг иккиламчи бозорини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш имконини берувчи стартегия ва йўналишларни белгилашдан иборат.

Бундан ташқари, Концепция қимматли қоғозларни айланишида нормал шароитларни вужудга келтириш, қимматли қоғозлар олди-сотдиси орқали иқтисодиётга инвестиция киритиш учун қулай шароитларни яратиш, савдолар ташкилотчилари ва фонд бозорининг профессионал иштирокчилари учун барқарор шарт-шароитларни яратишга йўналтирилган.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Концепция қимматли қоғозлар иккиламчи бозорини ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегиясини белгилаб беради. Буларга қимматли қоғозларнинг бирламчи ва ташкиллаштирилган бозорларини мавжудлиги, қимматли қоғозлар иштирокидаги операциялар бўйича солиқ имтиёзлари, профессионал иштирокчиларнинг эркин ҳарактланиши, ҳамда Корея фонд биржаси билан ҳамкорлик киради.

Янгилик билан ўртоқлашиш: