Ўзбекистонда олимларнинг маоши 20%дан 100%гача оширилади ва $100 млнлик тижоратлаштириш фонди ташкил этилади

Дата: 15:26, 25-07-2018.

Тошкент. 25 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистонда олимларнинг маоши 20%дан 100%гача оширилади ва $100 млнлик тижоратлаштириш фонди ташкил этилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлигининг 2018 йил 1 августдан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси бошқарув аппарати ходимларининг иш ҳақи миқдорини 2 баравар ошириш; 2018 йил 1 сентябрдан илмий фаолиятни конструктор-технологик таъминлаш, илмий лаборатория ускуналарига хизмат кўрсатиш вазифалари юклатилган илмий-тадқиқот муассасалари муҳандис-техник ходимларининг иш ҳақи миқдорини эгаллаб турган лавозими ва илмий фаолият соҳасидан келиб чиқиб, 30 фоиздан 100 фоизгача табақалаштирилган миқдорда ошириш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин”, - дейилади Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фан ва олий таълим соҳаси ходимларининг меҳнат ҳақи миқдорини янада ошириш, илмий ва илмий-техник фаолият натижалари жорий этилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан фундаментал, амалий тадқиқотлар илмий-техник дастурларини ва инновация ишларини амалга оширишда иштирок этаётган илмий-тадқиқот муассасалари раҳбар ва илмий ходимлари, илмий фаолиятни конструктор-технологик таъминлаш, илмий лаборатория ускуналарига хизмат кўрсатиш вазифалари юклатилган илмий-тадқиқот муассасаларининг муҳандис-техник ходимлари, шунингдек, олий таълим муассасаларининг раҳбар ходимлари ва профессор-ўқитувчилар таркибининг иш ҳақи миқдори 2019 йил 1 январдан – 20 фоизга, 2019 йил 1 июлдан - 25 фоизга икки босқичда оширилади.

Бундан ташқари, Инновацион ривожланиш вазирлиги Фанлар академияси, Молия вазирлиги ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси билан биргаликда икки ой муддатда илмий ва илмий-техник фаолият натижаларини тижоратлаштириш Президент жамғармасини унинг “Ипотека банк” АТИБда $100 млн миқдоридаги ҳисобрақамларини очган ҳолда ташкил этиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини киритиш топширилди.

Сурат манбаи: http://sfera.fm/news/v-permskom-krae-otkrylas-ispytatelnaya-laboratoriya-molochnoi-produktsii_11687/

Янгилик билан ўртоқлашиш: