Ўзбекистонда қонда 0,3 промилледан кам алкоголь билан автомобиль ҳайдаш мумкин

Дата: 16:14, 17-12-2018.

Тошкент. 17 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда қонда 0,3 промилледан кам алкоголь билан автомобиль ҳайдаш мумкин, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бунга Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг маст ҳолатда эканлигини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом билан белгиланди. У Адлия вазирлиги томонидан 14 декабр куни давлат рўйхатидан ўтказилди.

“Низомга мувофиқ, ҳайдовчиларнинг алкоголли ичимликлар таъсиридан маст ҳолатда эканлигини аниқлаш ички ишлар органининг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ДЙҲХХ) ходимлари томонидан амалга оширилади. Ҳайдовчининг оғиз бўшлиғидан алкогол ҳиди келиши, ҳайдовчи бир ҳолатда тўғри тура олмаслиги (чайқалиб туриши), ҳайдовчи нутқининг бузилганлиги, ҳайдовчи қўл бармоқларининг қалтираши, ҳайдовчи юз териси рангининг сезиларли ўзгарганлиги ЙПХ ходимлари томонидан алкотестер ёрдамида текширув ўтказишга асос бўлади”, - дейилади ҳужжатда.

Қайд этиш зарурки, текширув ДПХ ходими томонидан камида икки нафар холис иштирокида ёки кузатув камерасидан (body camera) фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

“Ҳайдовчи томонидан чиқарилган ҳаводаги этанол буғлари концентрацияси кўрсаткичи 0,135 миллиграмм ва ундан юқори бўлган ҳолларда ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131-моддасига мувофиқ маъмурий баённома расмийлаштирилади”, - деб қайд этилади ҳужжатда.

Ҳайдовчи техник восита ёрдамида текширувдан ўтишдан бош тортган ёхуд текширув натижаларига эътироз мавжуд бўлган ҳолларда унинг маст ҳолатда эканлигини аниқлаш мақсадида тиббий текширувдан ўтказиш учун туман ва шаҳар даволаш-профилактика муассасаларига олиб борилади.

Тиббий текширувдан ўтишдан бўйин товлаган тақдирда эса ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 136-моддасига (Транспорт воситалари ва йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчилари тарафидан маст ҳолатда эканлигини аниқлаш мақсадида тиббий текширувдан ўтказишдан бош тортиши) мувофиқ маъмурий баённома расмийлаштирилади.

“Тиббий текширув ҳайдовчи тўхтатилган (йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган) пайтдан бошлаб, узоғи билан бир соат ичида ўтказилиши лозим. Текширилувчида хулосага нисбатан эътирозлар мавжуд бўлган ҳолларда у бошқа тиббиёт муассасасида қайта тиббий текширувдан ўтказилишини талаб қилишга ҳақли. Бунда қайта тиббий текширувдан ўтказиш мастлик аломатлари аниқланган ёки ЙТҲ содир этилган вақтдан эътиборан икки соат ичида бошқа яқин масофада жойлашган тиббиёт муассасасида амалга оширилиши лозим”, - деб хулоса қилинади хабарга.

Сурат манбаи: https://kolesa.kz

Янгилик билан ўртоқлашиш: