Ўзбекистондаги мактабгача таълим муассасаларида 5,03 минг тиббиёт ходими хизмат кўрсатмоқда

Дата: 15:35, 28-05-2014.

Тошкент. 28 май. ЎзТАГ – Ўзбекистондаги мактабгача таълим муассасаларида 5,03 минг тиббиёт ходими ишламоқда. Улар жами 4,962 минг мактабгача таълим муассасасида тарбияланаётган 539,527 минг болага хизмат кўрсатмоқда, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ушбу маълумотлар Парламент Қонунчилик палатасидаги “Адолат” партияси фракцияси томонидан Халқ таълими ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари билан биргаликда ташкил этилган тадбирда маълум қилинди.
Қуйи палатада хабар қилишларича, республикадаги жами 9739та умумтаълим мактабларида таълим олаётган 4458162 нафар ўқувчиларга эса жами 16,476 минг нафар тиббиёт ходими хизмат кўрсатиб келмоқда. Халқ таълими тизимидаги жами 4962 та мактабгача таълим муассасаларидан барчасида тиббий хизмат хоналари ташкил этилган. Уларнинг аксарияти замонавий тиббий анжомлар билан тўлиқ жиҳозланган.
Соғлиқни сақлаш ҳамда Халқ таълими вазирликларининг қўшма қарори билан “Мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасаларининг тарбияланувчи ва ўқувчиларига бирламчи тиббий-санитария ва профилактик ёрдам кўрсатиш тўғрисида Низом” тасдиқланган. Қарорга асосан соғлиқни сақлаш муассасалари раҳбарларига умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларига қабул қилинган штат бирликлари асосида тиббиёт ходимларини ўрнатилган тартибда бириктириш, ўқувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва уларни соғлиғини назорат қилиш масалалари юклатилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: