123

Ўзбекистонда саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажмлари 10,7% ўсди

Дата: 16:58, 13-07-2018.

Тошкент. 13 июл. ЎзТАГ – 2018 йилнинг январ-июн ойларида Ўзбекистон корхоналари томонидан 94 трлн сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлиб, ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан ўсиш суръати 10,7%ни ташкил этди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Давлат статистика қўмитаси матбуот хизматига таянган ҳолда.

2018 йилнинг январ-июн ойларида ишлаб чиқарадиган саноат корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳажми 70,5 трлн сўмни ташкил этди. Ишлаб чиқарадиган саноат таркибида юқори технологияли тармоғининг улуши 1,2%ни, ўрта-юқори технологияли – 28,0%, ўрта-қуйи технологияли – 31,5% ва қуйи технологияли – 39,3% ташкил этди.

 Тайёр маҳсулотлар турларини кенгайтириш ва ишлаб чиқарилишини қўллаб- қувватлаш бўйича амалга ошириб келинаётган чора-тадбирлар натижасида истеъмол товарлар ишлаб чиқариш ҳажми 31 трлн сўмни ташкил этди ва 2017 йилнинг январ-июн ойларига нисбатан 5,8%га ўсиши таъминлади, жами саноатдаги улуши эса 33%ни ташкил этди.

Республика саноат ишлаб чиқариш ҳажми таркибида энг кўп Тошкент шаҳри (республика саноат ишлаб чиқариш ҳажмнинг 17,3% улушини), Тошкент вилояти (16,4%), Навоий (11,4%), Андижон (10,3%), Қашқадарё (6,9%), Фарғона (5,9%) вилоятлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Шу билан бирга энг кам улуши Сурхондарё (1,4%), Жиззах (1,5%), Сирдарё (2%), Наманган (2,3%) ва Хоразм (2,6%) вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.

 Эслатиб ўтамизки, бугунги кунда республикада 52,8 мингдан ортиқ саноат корхоналари фаолият кўрсатаётган бўлиб, уларнинг 5753таси янги саноат корхоналари ташкил этади. Улардан қарийиб 69% Тошкент шаҳри, Тошкент, Фарғона, Андижон, Самарқанд ва Наманган вилоятларига тўғри келади.

$1=7813,42 сўм

Сурат манбаи: https://b24.am/ru/finance/fond_29102013.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: