Тошкент ИИББ ходимлари $3 минг эвазига “Нексия-3”ни тезда олишни таклиф этган фирибгарларни қўлга олди

Дата: 16:04, 22-05-2018.

Тошкент. 22 май. ЎзТАГ – Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари $3 минг эвазига “Нексия-3”ни тезда олишни таклиф этган фирибгарларни қўлга олди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Тошкент шаҳар ИИББ ЖҚБ ходимлари пора эвазига автомобил таклиф қилган шахсни қўлга олиш бўйича операция ўтказди. Тошкент шаҳар ИИББ Жиноят-қидирув бошқармаси Иқтисодий хавфсизлик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан қўлга киритилган маълумотга кўра, пойтахтлик икки шахс “Нексия-3” русумли автомобилни $3 минг устама ҳақи эвазига қисқа муддатда етказиб беришни таклиф қилгани маълум бўлган. Улардан бири бевосита шу соҳага алоқадор шахс эканлиги аниқланган”, - дейилади Ўзбекистон пойтахти ИИББ матбуот хизмати хабарида.

Олиб борилган тезкор тадбир натижасида талаб қилинган суммани олаётган вақтда ижтимоий фондлардан бирининг ишчиси, 63 ёшли Аброр.Г (исм ўзгартирилган), ҳамда унинг шериги – “Узавтотеххизмат” МЧЖ автосалонларидан бирининг директори Муҳаммадали.У (исм ўзгартирилган) қўлга олинди.

Мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 168 модда 2-қисми (“фирибгарлик”) ва 211 модда 2-қисми (“пора бериш”) бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Сурат манбаи: https://ru.sputnik-tj.com/investigation/20150803/1016243917.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: