Ўзбекистон ва АҚШ иқтиқболли лойиҳалари портфели $5 млрддан ошади

Дата: 11:43, 23-10-2018.

Тошкент. 23 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва АҚШ иқтиқболли лойиҳалари портфели $5 млрддан ошади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 22 октябр куни Ўзбекистонда АҚШ бизнеси ҳафталиги тадбирларида иштирок этиш учун мамлакатга келган Америка – Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

“Бугунги кунда машинасозлик, нефть-газ ва газ-кимё, электр энергетикаси, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларини қамраб олган қиймати $5 млрддан зиёд истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда”, - дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг хабарида.

Ш. Мирзиёев Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётганини алоҳида мамнуният билан қайд этди. Жорий йил май ойида АҚШга амалга оширилган олий даражадаги ташрифнинг самарали натижалари стратегик шерикликнинг янги даврини бошлаш имконини берди.

Шундан кейин қайд этилишича, АҚШнинг “Дженерал Электрик”, “Боинг”, “СиЭнЭйч Индастриал”, “Жон Дир”, “Ханивелл”, “Силверлиф”, “Уайт энд Кейс” ва бошқа кўплаб компаниялари билан савдо-иқтисодий, инвестиция ва инновация соҳаларидаги ўзаро ҳамкорлик кенгаймоқда.

Жорий йил бошидан мамлакатимизда АҚШ инвестициялари иштирокида 25 янги корхона ташкил этилди, ўзаро савдо ҳажми икки баробар кўпайди.

“Ўзаро манфаатли бизнес ҳамкорликни мустаҳкамлашда таркибига АҚШнинг жаҳонга машҳур 37 та компанияси, инвестиция корпорациялари ва банклари кирган Америка – Ўзбекистон савдо палатаси муҳим роль ўйнаётгани таъкидланди”, - дейилади хабарда.

Учрашувда иқтисодиётнинг турли тармоқларида амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, аввало, технологиялар соҳасидаги шерикликни ривожлантиришнинг аниқ истиқболлари муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, эришилган келишувлар ва имзоланган битимларни ўз вақтида амалга ошириш, шунингдек, Палатанинг янги аъзоларини жалб этган ҳолда, инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш муҳимлиги қайд этилди.

АҚШ компанияларининг Ўзбекистон бозорида узоқ муддат фаолият юритиши учун қулай шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилгани қайд этилди.

Шунингдек, Ўзбекистонда барча соҳа ва йўналишларда амалга оширилаётган ислоҳот ва янгиланишлар тадбиркорлик ташаббусларини муваффақиятли рўёбга чиқаришда кенг имкониятлар яратаётгани қайд этилди.

“АЎССП мамлакатларимиз ўртасидаги самарали савдо-иқтисодий, инвестициявий ва технологик ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашда фаол иштирок этишга тайёр экани алоҳида таъкидланди”, - деб хулоса қилинади хабарга.

Сурат манбаи: http://www.press-service.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: