Ўзбекистонда юк ташувлари деярли 5% ўсди

Дата: 15:08, 21-11-2016.

Тошкент. 21 ноябр. ЎзТАГ – 2016 йилнинг 9 ойида Ўзбекистонда транспортнинг барча турларида 1,17 млрд тонна юклар ташилди ва бу ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 4,8%га кўп демакдир, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).  

“Умумий ташилган юклар ҳажмида автомобил транспортининг улуши 91,8%ни (1,07 млрд тонна), темир йўл транспортининг улуши 4,3%ни (50,8 млн тонна), қувур йўли транспортининг улуши 3,9%ни (45,7 млн тонна) ташкил қилди”, - деб таъкидланади Давлат статистика қўмитаси хабарида.

Юк айланмаси таркибида автомобил транспортининг улуши 37,3%ни, қувур йўли транспортининг улуши 36,5%ни, темир йўл транспортининг улуши 26,1%ни ташкил этади.

Бундан ташқари, ҳисобот даврида транспортнинг барча турларида 5,6 млн йўловчи ташилди ва 2015 йилнинг январ-сентябрига нисбатан 4%га ошди.

 Йўловчиларни ташишдаги энг катта улуш – 99%ни автомобил транспортига тўғри келади, йўловчи айланмасида унинг улуши 89,5%га тенг бўлди.

Темир йўл транспортида жўнатилган йўловчилар сони 15,5 млн кишини ташкил этди ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2%га ўсди, йўловчи айланмаси 2016 йилнинг январ-сентябрида 2,9%га ошди ва 2 954,7 млрд йўловчи-кмни ташкил этди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: